Ozbek

Ҳамма динлар Худога олиб борадими?

2026-10-06 08:12
Бир куни болалигидан отасини кўрмаган бир одам, ниҳоят, уни топиб, зиёрат қилишга қарор қилибди. Отаси жуда узоқда, бошқа бир мамлакатда яшар экан. Амал-тақал манзилни топиб, у чипта сотиб олибди ва жуда узоқ йўл босибди. Шу вақт давомида у учрашувни интизорлик билан кутибди, отаси билан кўришганда нима дейишини ўйлаб борибди. Аниқ манзилга етиб келиб, ҳаяжон билан ўша қадрли эшикни тақиллатибди. Аммо эшикни унга нотаниш бир эркак очганида, унинг ҳафсаласи пир бўлибди — манзил нотўғри экан!..
Кўпинча турли динлар ҳақида сўз кетганда, болаларча бир мулоҳазани эшитишга тўғри келади: «нима ҳақида баҳслашамиз, динлар ҳар хил, аммо Худо битта-ку!». Шу тариқа, ҳаётнинг энг туб саволини ўрганиб кўриш заҳматини ўзига раво кўрмай, замонавий инсон олам Яратувчиси ҳақида шошқалоқ хулоса чиқаради. Лекин аслида ҳаммаси шунчалик оддийми? Одатда бундай гапни ҳеч қайси динга мансуб бўлмаган ёки ҳаётида дин ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмаган кишилар айтади. Улар динни ҳаётнинг шунчаки бир қисми деб биладилар — худди ҳар кимда ҳар хил бўладиган, бироқ ҳар бирига ўзига яраша мамнунлик бахш этадиган ҳавас (хобби) каби. Шу сабабли бундай одамлар учун дин масаласини чуқур ўрганиш ва баҳслашиш фойдасиз, ҳатто номақбул туюлади. «Дидга ва рангга ўртоқ йўқ», дейилади-ку. Ёки улар динни шунчаки инсонга бу дунёвий ҳаётни дуруст ўтказишга ёрдам берадиган ахлоқий меъёрлар тўплами деб тушунадилар.

Ҳолбуки, «дин» (религия) сўзининг ўзи лотинчадан «боғламоқ», «алоқани тиклаш» деб таржима қилинади. Ким билан алоқани? Олам Яратувчиси билан. Албатта, Худо ҳақиқатан ҳам битта, Муқаддас Китобда айтилганидек: «Мен Раббийман, ўзгаси йўқ; Мендан бошқа Худо йўқ» (Ишаё 45:5). Бироқ бундан Унга элтадиган йўллар кўп, деган нотўғри хулоса чиқарилади. Худо битта, аммо динлар (Худо ҳақидаги тасаввурлар) — кўп. Шунга қарамай, ҳақиқий дин фақат битта бўлиши мумкин — худди муайян бир одам жойлашган манзил фақат битта бўлиши мумкин бўлганидек. Ҳақиқий Худонинг ҳузурига етиб бориш учун аниқ «манзил» керак. Агар манзиллар бир нечта бўлса, улардан фақат биттаси тўғри, қолганлари эса ёлғон бўлиб, Худога олиб бормайди.

Муқаддас Китобдан биламизки, Худо ниҳоятда Доно, Раҳмли, Ўз яратганини севади, у билан мулоқотни қўмсайди ва ҳар бир инсонга нажот тилайди. Раббий — ақлдан-да юксак Зот, бирор мавҳум тушунча эмас, «қандайдир олий нарса» эмас, «аллақаерда нимадир бордир...» дегани эмас. Худони одамлар «яратмайди», аксинча, Худонинг Ўзи бизнинг Яратувчимиздир; У билан нажотбахш мулоқотга киришиш учун эса Худонинг Ўзи бизга чўзган қўли — Унинг инсониятга йўллаган ғайритабиий ваҳийси керак. Ваҳий — бу Унинг Ўзи ҳақида Ўзи ошкор этган нарсасидир. Табиийки, севгувчи Раббий Ўз яратганидан масхара қилиб, унга бир-бирига зид ваҳийларни бермайди. Шу билан бирга, энг кенг тарқалган динларга юзаки назар ташлаш ҳам ягона хулосага олиб келади: улар битта манбадан эмас, бир хил нарсага ўргатмайди, Худо ҳақидаги таълимотда ва туб масалаларда бир-бирига зиддир. Гарчи айрим қоидалари мос келиши мумкин бўлса-да.

Хўш, қайси дин ҳақиқий? Олам Яратувчисининг Ўзи Ўз каломи — Муқаддас Китоб орқали ва Черковнинг муқаддас оталари орқали бизга қатъий айтадики, Худо билан бирлаштирадиган ягона ҳақиқий ва нажотбахш дин бор — бу Православ Христианлигидир: «Исо деди: Йўл, ҳақиқат ва ҳаёт Менман; Мендан бошқа ҳеч ким Отанинг ҳузурига бормайди» (Юҳанно 14:6), «Ўғилга ишонган кишида абадий ҳаёт бор, Ўғилга ишонмаган эса ҳаётни кўрмайди, балки Худонинг ғазаби унинг устида қолади» (Юҳанно 3:36).

Авлиё Феофан Затворник шундай ёзади: «Дунёда мавжуд бўлган барча динлар, ягона ҳақиқий православ динидан бошқаси — ёлғондир ва инсонга нажот бермайди. Ёлғон дин — одамлар устидан кулгидан ўзга нарса эмас. Ўлимдан сўнг киши нимага умид боғлагани қанчалик мустаҳкам экани дарҳол аён бўлади... Ўшанда ўзининг алданганини кўрган кишининг аҳволи нақадар даҳшатли ва юракни ўртовчи бўлади!».

Фақат Православ Христианлиги ўзининг Илоҳий келиб чиқишини тасдиқловчи объектив далиллар келтира олади. Хўш, улар қанақа?

Тарихий далил

Христианлик бутпараст Рим империяси томонидан уч аср давом этган таъқиблар шароитида вужудга келди ва ривожланди. Христианларни қанчалик кўп ўлдирган бўлсалар, улар шунчалик кўпаяверди. Устига-устак, христиан шаҳидлари Хочга михланган Худо учун жон берардилар — бу эса бутпарастлар назарида телбалик саналарди. Охир-оқибат, Рим империясининг ўзи христиан бўлди. Бу Худонинг қудратисиз мумкин бўлмас эди.

Таълимотга оид далил

Христианликда эътиқод ҳақиқатларининг ғайриоддийлиги, ноодатийлиги, бетакрорлиги, яққол кўриниб турган бу дунёга мансуб эмаслиги ва теранлиги намоён бўлади (масалан, оламнинг йўқдан бор қилиниши, Худонинг Уч-Бирлиги, Худонинг Исо Масиҳ сиймосида инсон бўлиб мужассам бўлиши, Унинг Қони орқали каффорат келтириши, Унинг Тирилиши). Буларни инсон ўзи ўйлаб топа олмасди. Бу шу жиҳатдан ҳам ҳайратланарлики, христиан эътиқодини содда ва китобий илмга эга бўлмаган кишилар воизлик қилиб тарғиб этишган.

Маънавий-ахлоқий далил

Ҳеч бир диний ёки фалсафий тизим христианлик таклиф этаётган ўша энг юксак ахлоқий чўққига ета олмайди. Худога фарзанд бўлиш, илоҳийлашув (Худога ўхшаб бориш), муқаддаслик, қалб поклиги, Худони ва яқинларни — ҳатто душманларни ҳам севадиган даражада — мукаммал севиш, Муқаддас Китоб меъёрларининг ҳеч кимга — на бойга, на камбағалга, на ҳукмдорга, на руҳонийга, на пайғамбарга, на гуноҳкорга — Худонинг иродасини чин дилдан бажаришга интилганлардан бошқа ҳеч кимга «фойдасизлиги»: буларнинг бари христианликнинг Илоҳий келиб чиқишидан далолат беради.

Башоратли далил

Муқаддас Китобда амалга ошган кўплаб башоратлар бор. Эски Аҳд китобларида Раббимиз Исо Масиҳда яққол рўёбга чиққан бир неча юз башорат мавжуд. Янги Аҳдда ҳам башоратлар кўп. Масалан, Луқо Хушхабарининг 1-бобида биз Худо Онасининг сўзларини ўқиймиз: «бундан буён барча авлодлар Мени бахтиёр деб улуғлайдилар...». Ўша пайтда камбағал оиладан чиққан тўқувчи бўлган Бокира Марям, келажакдаги барча инсон авлодлари Уни улуғлашини олдиндан айтади. Башорат ушалди — биз бутун дунёда ва барча замонларда Муқаддас Худо Онасига бўлган эҳтиромни кўриб турибмиз. Муқаддас Китобнинг рўёбга чиққан барча башоратларини ёритиб чиқилса, улкан бир китоб ёзишга тўғри келарди.

Хўш, ёлғон динлар қаердан пайдо бўлган? Гуноҳга йиқилгандан сўнг одамлар диндорликни сақлаб қолдилар, аммо аксарияти ҳақиқий Худога бўлган имонини йўқотди. Барча диний адашишлар — бу кибр руҳи етаклаган тубанлашган инсон билан шайтоний кучларнинг ҳамкорлиги маҳсулидир: «зеро, халқларнинг барча худолари — бутлардир, Раббий эса осмонларни яратгандир» (Забур 95:5).

Бироқ бундай эътирозни эшитиш мумкин: «Майли, нохристиан динлар борасида тушундик, аммо христианликнинг ўз ичидаги ранг-баранг диний жамоалар-чи? Православлар, католиклар, протестантлар, эски маросим тарафдорлари (старообрядцылар), несторианлар, монофизитлар... Ахир уларнинг бари Муқаддас Учликка ва Худо-Инсон Масиҳга ишонишади-ку. Нега айнан Православ Христианлиги нажотга элтадиган ягона йўл, деб таъкидлайсизлар?»

Гап шундаки, айнан Православ Черкови 2000 йил давомида Масиҳнинг таълимотини ва руҳонийликнинг ҳаворийлардан давом этиб келишини бузилмаган ҳолда сақлаб келмоқда. Ўзини черков деб атайдиган қолган жамоалар эса ё эътиқодни бузиб талқин қилдилар (католиклар, протестантлар, монофизитлар, несторианлар), ёки эътиқодга алоқаси бўлмаган сабабларга кўра Черковдан ажралиб чиқдилар (масалан, эски маросим тарафдорлари). Шу тариқа, Муқаддас Китобда олдиндан айтиб ўтилган ва Раббий Худо томонидан қатъий қораланадиган бидъатлар ва бўлинишлар пайдо бўлди: «...орангизда ҳалокатли бидъатларни киритадиган сохта таълимотчилар пайдо бўлади...» (2 Бутрус 2:1), «сиздан ўтинаман, биродарлар, ўзингиз ўрганган таълимотга зид равишда бўлиниш ва васваса келтирувчилардан эҳтиёт бўлинг ва улардан юз ўгиринг» (Римликларга 16:17), «Масиҳнинг таълимотидан четга чиққан ва унда турмаган ҳар бир киши Худога эга эмас» (2 Юҳанно 1:9).

Православ христиан эътиқоди инсоният борлиғининг маъноси сифатида муқаддаслик ва Худо билан бирликни таклиф этади. Бундан юксакроқ ҳаёт мақсадини тасаввур қилиб бўлмайди. Православ Черкови барча асрлар давомида авлиёларнинг ибодатлари ила, черков сирлари, иконалар, табаррук қолдиқлар ва бошқа муқаддас нарсалар орқали кўрсатилган кўп сонли илоҳий мўжизалар мисолларига бой. Бироқ энг асосий мўжиза — бу Севгувчи Худо Яратувчи билан учрашувдир; У бизга неъматларнинг энг олийсини — Худога ўхшашлик, муқаддаслик ва абадий ҳаётни бахш этади, биздан олдин ўтган кўплаб православ аждодларимиз авлодлари бунга эришганлар.

Ушбу сатрларни ўқиётган барчага ҳақиқий Худони таниб олишни ва Унда нажот топишни тилаймиз!
«Тотиб кўринг ва Раббийнинг нақадар эзгу эканини билиб олинг!» (Забур 33:9).