Нима учун биз болаларга совға берамиз? Уларни хурсанд қилиш учун, улар бизнинг севгимизни ҳис қилишлари ва шунга лойиқ тарзда севги билан жавоб беришлари учун совға берамиз.
Худди шундай Худо ҳам инсонни Ўзи билан биргаликдаги фаравон ҳаётдан лаззат олиб яшаши учун яратди. Бироқ шундай нарса юз бердики, биринчи инсонлар, яъни Одам Ато ва Момо Ҳаво – Худонинг инсонга кўзланган режасини буздилар. Ота-боболаримизнинг вафосизлиги туфайли гуноҳ ва ўлим дунёга кириб келди. Инсонлар ўлишни бошладилар ва Худо билан алоқа узилди. Инсоннинг Худо билан алоқаси тикланиши учун, Худонинг Ўзи инсонлар олдига келди ва нажотни совға қилди. Раббимиз Исо Масиҳ томонидан амалга оширилган нажот – бу ҳар биттамизни иблиснинг, гуноҳнинг ва ўлимнинг қуллигидан озод қилиш, ҳамда бизга Худо билан муносабатдаги абадий ҳаётни совға қилишдир.
Бу фаравон ҳаёт мана шу ердан бошланади.
Муқаддас Сувга Чўмдирилиш маросими бизни Худо билан биргаликдаги ҳаёт учун қайта тирилтиради. Янги инсон туғилиши юз беради. Бироқ бу туғилиш нафақат ташқи кўринишли муқаддас маросимнинг амалга ошиши билан, балки биринчи навбатда уни қабул қилишга тайёр бўлган, инсоннинг ички аҳлоқий ва руҳий ҳолатига ҳам боғлиқдир.
Сувга чўмдирилишга қарор қилиш билан инсон ўз ҳаётидаги жуда муҳим қадамни ташлаган бўлади. Агар инсон уни ердаги қандайдир фойда (“ишлар яхши кетиши учун касал бўлмаслик”) ёки урф-одат тарзида қабул қилса, у инсонга ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бундан ташқари, бу маросим эътиқодсиз ва Сувга Чўмдирилгандан сўнг масиҳийча ҳаёт кечириш истагисиз нафақат ўз маъносини йўқотади, балки инсонга зарар ҳам келтириши мумкин.
Шунинг учун Сувга Чўмдириш маросими фақатгина имонли киши ёки чақалоқ устидангина амалга оширилади. Бунда чақалоқни Православ масиҳий эътиқоди бўйича тарбиялаш ота-онанинг ва сувга чўмдирган кишининг бўйнига юклатилади. Сувга Чўмдирилиш Ягона Учбирликдаги Худо номидан, яъни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номидан амалга оширилади. Агар сувга чўмдирилишнинг барча шартларига амал қилинса, у ҳолда Муқаддас Руҳ худди оташ каби инсоннинг қалбини тоблаб, гуноҳдан тозалайди ва ҳар қандай олтиндан кўра тоза ва ялтироқ қилади.
Сувга Чўмдирилиш шарти – тавба и имон
Имон – бу нафақат кишининг ақлан масиҳий ҳақиқатлар билан рози бўлиши. Бу нафақат Худонинг борлигига ишониш, балки Худо бўлган, Инсон танасида ерга келган ва Хочдаги гуноҳни ювувчи ўлими орқали бизга абадий ҳаёт инъом этган, Масиҳга бўлган имон ҳамдир. Масиҳийлик – бу Худога бўлган ишонч, Унга ўз ҳаётини ишониб топширишга тайёр бўлиш, Унинг амрлари ва Унинг эзгу ва мукаммал иродаси бўйича яшашдир. Бу сувга чўмдирилишнинг биринчи шарти.
Тавба қилиш. Ўз гуноҳларимиздан воз кечган ҳолда ва уларни ҳукм қилган ҳолдагина сувга чўмдирилишимиз мумкин. Бунга фақатгина гуноҳкорлигимизни англаш орқали, яъни кўпинча Худонинг амрларини бузиб яшашимизни тушиниш орқалигина эришишимиз мумкин. Агар биз Чўмдирилиш тоғарасига гуноҳга нисбатан нафрат ва жирканиш руҳида чўмсак, у ҳолда ҳаётимизнинг унга боғлиқлиги узилгандек бўлади, ўтган гуноҳларимиз кечирилади, гуноҳли ўтмишимиз бизнинг устимиздан ўз кучини йўқотади ва бизга нисбатан бегона бўлади.
Ўшанда худди Муқаддас Калом айтганидек, биз гуноҳ учун ўламиз, Масиҳнинг ўлимига чўмдириламиз ва Муқаддас Руҳнинг кучи орқали Масиҳ билан бирга янги ҳаёт учун қайта тириламиз. Муқаддас Учбирликнинг исмини чақириб, муқаддасланган сувга чўмдирилишнинг асл маъноси шундадир. Шу тариқа, Сувга чўмдирилгандан сўнг кишининг ҳаётий қизиқишлари маркази бутунлай ўзгариши керак. Ҳақиқий тавба – бу фикрлаш тарзининг тубдан ўзгариши, ҳаётининг ўзгариши, бутун қалбдан гуноҳни инкор этишдир. Бу Сувга чўмдирилишнинг иккинчи шарти.
Агар бизда имон бўлмаса, тавба бўлмаса, ўз ҳаётимизни ўзгартириш учун озгинча бўлса ҳам хоҳиш бўлмаса, у ҳолда Сувга чўмдириш маросимида иштирок этишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Буни ҳатто куфр дейиш ҳам мумкин.
Сувга чўмдирилишдаги қасам.
Шайтондан воз кечиш. Масиҳийлар ёвузлик руҳи ва инсон зотининг душмани бўлган шайтоннинг (иблиснинг) кучи қанақа эканлигини ўз тажрибасидан яхши биладилар. Сувга чўмдирилмаган киши гуноҳнинг қули ҳисобланади, чунки у иблис томонидан алданган. Сувга чўмдирилиш маросими пайтида киши бу ёвуз руҳдан, унинг барча ишларидан ва манманликларидан воз кечиши керак.
Ҳақиқий имонни эътироф этиш. Кейин эса киши қасам ичади, яъни Масиҳни ўзининг Раббиси ва Нажоткори сифатида эътироф қилган ҳолда ва Хушхабарда Раббимиз Ўзи ҳақида айтганларини билган ва бутун қалби билан унга ишонган ҳолда, ҳамда У томонидан асос солинган Она-Жамоатга ишониб, Имон Рамзини қабул қилади.
Масиҳ билан бирлашиш. Бундан сўнг Масиҳ билан бирлашиш содир бўлади ва Худонинг олдида сувга чўмдирилиш ваъдаси, яъни Худонинг амрлари бўйича яшашга ваъда берилади. Шунинг учун Сувга чўмдирилишдан олдин, кишидан бу Амрларни билиш талаб қилинади.
Тутунган ота-оналар ваъдаси. Чақалоқни сувга чўмдиришда, унинг ота-онаси ва тутунган ота-онаси, ёшлик пайтидан бошлаб чақалоққа масиҳий таълим-тарбия бериш ва Жамоатга бирлаштириш жавобгарлигини ўз бўйнига олишадилар. Бундай ҳолда чақалоқ ота-онаси ва тутунган ота-онасининг имони бўйича сувга чўмдириш иноятини қабул қилади. Чақалоқ онгли равишдаги имонга эга эмаслигига қарамасдан, етуклик давридаги масиҳий курашда танавий кучлар устидан ғалаба қозониш ва мустаҳкам бўлиш учун куч ва иноятга эга бўлади. Сувга Чўмдириш маросими туфайли чақалоқ ёшлик чоғидан бошлаб Масиҳнинг кучида мустаҳкам бўлиб боради. Шунингдек танавий касалликлардан шифо топиши ҳам, унинг ўзи тушунмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Ўзи тушунмаган тарзда ҳаёт учун зарур бўлган ёрдамни олиб, у саломатликка эга бўлиши мумкин. Бироқ уни кейинчалик сақлаб қолиш учун, соғлом ҳаёт тарзи қоидаларига амал қилиши шарт. Айнан мана шу сабабдан тутунган ота-она – бу масиҳий ҳаётда яшайдиган, Худонинг Амрларига риоя қиладиган одам бўлиши керак.
Гуноҳнинг ва шайтоннинг қуллигидан нажот топиш, гуноҳлар кечирилиши, Худо билан абадий ҳаёт кечириш – буларнинг барчасини Сувга чўмдирилиш пайтида, худди Нажоткор Масиҳнинг гуноҳлардан поклаш қудрати орқали берилган Худонинг инъоми сифатида қабул қиламиз. Агар биз Худога ишона туриб, худди Худо мавжуд эмасдек ҳаёт кечирсак, сувга чўмдирила туриб, фақатгина номига масиҳий бўлсак, бу инъомни осонгина йўқотиш мумкин. Мана бундай кишилар ҳақида Ҳаворий шундай ёзади: Раббимизу Нажоткоримиз бўлган Исо Масиҳни таниб, дунёнинг қабоҳатларидан қочиб қутулган одамлар яна эски қилиқларига қайтиб, қабиҳликка мағлуб бўлишса, уларнинг сўнгги аҳволи олдингидан ҳам баттар бўлади. Солиҳлик йўлини билгандан кейин, уларга топширилган муқаддас амрлардан юз ўгиргандан кўра, бу йўлни ҳеч билмагани ўзлари учун яхшироқ бўлар эди. Бундай одамларга мана шу мақол айнан тўғри келади: “Ит ўз қусуғига қайтар, Ювилган чўчқа эса балчиққа.” (2 Бутрус 2:20-22).
Қандай яшашимиз керак...
Масиҳий ҳаёт қийин ва тиконли йўлдир. “Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга олиб борадиган дарвоза энли, йўли ҳам кенгдир. Бу йўлдан юраётганлар кўп. Ҳаётга олиб борадиган эшик эса жуда тор, йўли энсиздир. Бу йўлни топадиганлар оз.” – дейди Худованд (Матто 7:13).
Энг аввало, биз қўлимиздан келгунча ўзимиздаги эски гуноҳкор одатларимизнинг майда-чуйдасигача йўқ қилишга ҳаракат қилишимиз керак. Худди Юҳанно Златоуст айтганидек: “гуноҳларинг кечирилди, аммо одатларни эса ўзинг тўғирла”.
“Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади” – дейди Раббимиз (Луқо 11:23). Шу сабабдан масиҳий ҳаётда бир жойда туриб қолмаслик керак.
Руҳан ўсиб бориш учун Раббимиз бизга берган воситалар:
қатъий ва доимий тарзда ўз-ўзимизни текшириб бориш,
руҳий устоз олдида гуноҳлардан тавба қилиш ва эътироф этиш
Муқаддас Бирлашув (Нон синдириш)
уйда ҳар куни ибодат қилиш ва доимий равишда жамоатдаги хизматда иштирок этиш
Муқаддас Каломни ва Авлиё Оталарнинг асарларини ўқиш
Шу тариқа биз руҳий шифо топамиз ва Осмон Шоҳлигидаги абадий ҳаётдан лаззат олишга қодир бўламиз. Муқаддасликда ва нурда бу Шоҳликка ўхшаш бўламиз. Шу орқали Худонинг Шоҳлиги бизнинг қалбимизда туғилиб ва ривож топиб, ердаги ҳаётимизга ҳам кириб келади. Айнан мана шундай руҳий ҳолатда, умримизнинг охирида Худонинг ҳукми олдига келишимиз керак.
Шундай қилиб бизнинг олдимизда иккита йўл мавжуд ва улардан бирини биз танлашимиз керак – бу дунёда Худога хизмат қилган ҳолда У билан тинчликда яшаш ёки гуноҳга хизмат қилган ҳолда Худодан ташқарида яшаш. Танлаш эса биздан. Бироқ шу билан бирга битта нарсани унутмаслигимиз керак: “Гуноҳнинг эвази — ўлим, Худонинг инъоми эса Раббимиз Исо Масиҳ орқали бериладиган абадий ҳаётдир” (Рим.6:23)