Эски Аҳдда Худо томонидан инсонга берилган амрлар:
Мен...Эгангиз Худоман. Мендан бошқа худоларга сажда қилманг... Бу амр инсонни ўз Парвардигорига, яъни Ягона ва Абадий Худога содиқ бўлишга ўргатади.
Ўзингизга ҳеч қандай бут ясаманг. Ҳозирги кунда бут – бу кўпинча пул, мансаб, соғлиқ, қулайлик ёки машҳур шахслар ҳисобланади. Бу амр кишига унинг қадр-қимматини эслатиб туради: киши ўз кучини ва вақтини Худованддан ташқари ҳеч нимага ёки ҳеч кимга бағишламаслиги керак. Шунингдек бу амр эзгулик, ҳақиқат, гўзаллик ва барча тирикларнинг Яратувчиси бўлган Худога ишонч ҳақида гапиради.
Худонинг исмини суиистеъмол (бекорга ишлатманг) қилманг. Бу амр Худога ва Унинг муқаддас Исмига ҳурмат-эҳтиромли бўлишни ўргатади.
Шаббат... кунга риоя қилиб юринг. Масиҳ тирилгандан сўнг жамоат йиғиладиган кун якшанба куни бўлди. Бу кун, ҳамда жамоат байрамлари кунлари масиҳий киши, ўз ишини ва кундалик вазифаларини қолдириб, ўзини руҳий меҳнатга, яъни жамоатдаги ибодатга, Муқаддас Китобни (биринчи навбатда Янги Аҳдни) ва бошқа руҳий китобларни ўқишга, уйдаги ибодатга ва ҳайрия ишларига бағишлайди.
Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда ер юзида умрингиз узоқ бўлиб, бахтиёр яшайсиз.
Қотиллик қилманг. Ҳозир кунда кенг тарқалган қотиллик – бу бола олдириш ҳисобланади.
Зино қилманг. Никоҳгача бирга яшаш фаҳш, никоҳдаги вафосизлик эса – зинокорлик ҳисобланади.
Ўғирлик қилманг.
Қўшнингизга қарши ёлғон гувоҳлик берманг. Туҳмат, ҳукм, ёлғон, ғийбат, хушомад – буларнинг барчаси биз интилишимиз керак бўлган ҳақиқатга қарши гуноҳлардир.
Қўшнингизга тегишли бўлган нарсага кўз олайтирманг. Ҳасаднинг барча кўринишлари – бу амрга қарши гуноҳдир.
Янги Аҳдда: “Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан, кучингиз борича севинг”(Марк Хушхабари 12:29-30).
Нима учун Исо Масиҳ Қутқарувчи деб аталади?
Жамоат Таълимотига кўра, одам гуноҳга йиқилганидан сўнг, инсоннинг Худо билан муносабати тўхтади. Инсоннинг табиати Худо назарда тутганидан кўра бутунлай ўзгача кўриниш олди: инсонлар гуноҳ ва эҳтиросларга, касаллик ва ўлимга дучор бўлишди. Мана шу Худо билан алоқани тиклаш учун инсонга дин зарур. Акс ҳолда инсон руҳий очлик ҳис қилади ва ҳар қандай эзгуликнинг манбаи бўлган Худо билан алоқасиз – “сизда ҳаёт бўлмайди” (Юҳанно 6:53).
Парвардигор Раббимиз, азалдан ўзига тенг Абадий Каломга эга бўлган. У дунё-ю бу дунёнинг Яратувчиси, икки минг йил илгари, Муқаддас Руҳ орқали инсон зотини қутқариш учун, Муқаддас Худонинг онаси бўлмиш Бокира Мариямдан туғилди. Худо Ўзи яратган инсоннинг жон ва танасини ўзлаштирган ҳолда, Мариямнинг қорнида янги ижодни яратди. Худо инсон қиёфасига кирди ва шу билан бирга Худолигича қолди. Шунингдек қуёш ўз нури орқали ёриб кириб, уруғни қиздиради ва унга ҳаёт бағишлайди, бироқ шу билан бирга у уруғга айланиб қолмайди.
Исо Масиҳни Қутқарувчи деб аташади, чунки У ҳар битта Ўзига ишонган кишини руҳий ўлимдан ва гуноҳнинг қуллигидан қутқаради. Инсон қиёфасига кирган Раббимиз – тўла Худо ва тўла Инсондир. У гуноҳсиз бўла туриб, бизни гуноҳлардан тозалаш учун ўз ихтиёри билан хочда ўлди ва бизга абадий ҳаёт бериш учун қайта тирилди.
Жамоат ва Маросимлар ҳақида.
Жамаот аъзоси бўлиб, руҳий ҳаёт кечириб ва Жамоатнинг Сирли Маросимларида иштирок этган ҳолда, инсон ер-юзида бўла туриб абадий ҳаётнинг иштирокчисига айланиши мумкин.
Сувга чўмдирилиш ва Хушбўй мой суртиш маросими.
Сувга чўмдирилиш гуноҳкор инсоннинг “эски табиати” ўлимини, сувдан чиқиш эса – Масиҳдаги янги иноятли ҳаёт учун қайта тирилиши белгиси ҳисобланади. Сувга чўмдирилган киши гуноҳлардан кечирим олиш ва нажот топиш, яъни ўлимидан сўнг Худо, фаришталар ва муқаддас авлиёлар билан абадий бирга бўлиш имкониятига эга бўлади. Сувга чўмдирилганда инсон Жамоат аъзосига айланади. Хушбўй мой суртиш маросими эса одатда Сувга чўмдирилиш маросими тугаши биланоқ ўтказилади. Бу Сирли Маросимда, муқаддас мой суртиш орқали, сувга чўмдирилган кишини руҳий ҳаётда мустаҳкамлаш учун унга Худонинг иноятли кучи хабар қилинади.
Тавба қилиш маросими.
Гуноҳли одатлар ва истаклардан камдан-кам ҳолдагина тезда озод бўлиш мумкин. Сувга чўмидирилгандан сўнг, инсон яна гуноҳга йиқилади, виждони эса уни фош қилади. Жуда кўп марта: “Менинг гуноҳларим шунчалик кўпки, Худованд мени кечирмайди” – деган гапни эшитамиз. Бироқ шу нарсани билиш керакки, Худонинг меҳр-шавқати қоплай олмайдиган гуноҳнинг ўзи мавжуд эмас (Матто 2:17). Агар киши самимий тавба қилса, ўз ҳаётини қатъий тарзда ўзгартиш, уни Худонинг амрлари бўйичи қуриш ва гуноҳларини эзгу ишлар билан қоплаш нияти бўлса (Луқо 19:9), Худованд барча гуноҳларни кечиради. “Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавбага ҳожат сезмаган тўқсон тўққизта солиҳ одамдан кўра, тавба қилган битта гуноҳкор учун осмонда кўпроқ шодлик бўлади.” (Луқо 15:7).
Қилган ишларига пушаймонлик, гуноҳга нисбатан нафрат, уни бошқа такрорламаслик қарори, гуноҳлари кечирилиши учун Худога самимий ибодат – мана шулар тавба қилиш зинапоялари ҳисобланади. Юнон тилидан таржима қилганда, тавба қилиш – бу онг ва қалбнинг ўзгаришини билдиради. Бу руҳий меҳнатнинг якуни эса гуноҳларни эътироф этиш ҳисобланади. Бунда тавба қилувчи ўзининг қалбидаги яраларини, яъни гуноҳларини, худди Худо томонидан шифокор ва гувоҳ сифатида берилган руҳонийнинг олдида очиб-сочади. Масиҳий киши ўзидаги эҳтиросларни ва эҳтиросларга бўлган гуноҳли одатларни йўқ қилишга чақирилган.
Асосий эҳтирослар: нафсгўйлик, фаҳш-зино, пулпарастлик, ғазаб, умидсизлик, қайғу, мақтанчоқлик, мағрурликдир. Буларга қарама-қарши бўлган эзгу одатлар: Худога ва яқинимизга нисбатан севги, имон, нажот топишга умид, камтарлик, ўзини тута билишлик. Агарда инсон ибодатда буни Худодан сўраса ва Жамоатдаги Сирли Маросимларда иштирок этса, гуноҳкор одат ва эҳтирослардан озод бўлиш кучини Худо Ўзи беради. Муқаддас Жамоат Оталарининг китоблари бизга эҳтиросларга қарши ички кураш санъатини ва гуноҳ устидан ғалаба қозониш ҳақида ўргатади.